Бугун 15 декабрь, 2025 йил, душанба

O'ZB

Германияда Рождество бозорига ҳужум режалаштирган беш нафар гумонланувчи ҳибсга олинди

Германияда Рождество бозорига ҳужум режалаштирган беш нафар гумонланувчи ҳибсга олинди

Германиянинг Бавария федерал ерида хавфсизлик кучлари Дингофинг шаҳри яқинида жойлашган Рождество бозорида содир этилиши мумкин бўлган террористик ҳужумнинг олдини олди.

Бу ҳақда Welt нашри хабар бермоқда, деб ёзади European Pravda.

Мюнхен прокуратураси маълумотига кўра, Қуйи Бавариядаги Дингофинг яқинида жойлашган Рождество бозорига ҳужум уюштиришни режалаштирганликда гумон қилиниб, беш нафар шахс ҳибсга олинган. Улардан тўрт нафарига нисбатан расмий ҳибсга олиш ордери чиқарилган, яна бири эса профилактик қамоққа олинган.

Гумонланувчилар орасида уч нафар Марокаш фуқароси, бир нафар Миср ва бир нафар Сурия фуқароси бор. Тергов маълумотларига кўра, 56 ёшли мисрлик шахс гуруҳнинг асосий ташаббускори бўлиб, у ҳибсга олинган уч нафар марокашликни ҳужумни амалга оширишга даъват қилган. Айтилишича, у режаларни очиқ эълон қилган ҳамда уларни Дингофинг–Ландау туманидаги масжидда ҳужумни амалга оширишга чақирган.

Суриялик гумонланувчининг бу ишга дахлдорлиги ҳали аниқланмагани сабабли, у суд қарорига қадар ҳибсда сақланмоқда.

Бавария медиа гуруҳига қарашли нашрларнинг хабар беришича, гумонланувчилар Субен чегара пункти яқинида махсус кучлар (SEK) томонидан ўтказилган операция чоғида қўлга олинган.

Прокуратуранинг t-online сайтида эълон қилинган баёнотига кўра, режа «Рождество бозорида автомобил ёрдамида террористик ҳужум уюштириш»дан иборат бўлган.

Бавария ички ишлар вазири Йоахим Ҳеррманн операцияда иштирок этган барча ходимларга миннатдорлик билдирди:

«Бу воқеа хавфсизлик идораларимизнинг юксак тезкорлиги ва самарадорлигини яққол намоён этди ҳамда фуқароларимизни ҳимоя қилишга қодир эканлигимизни кўрсатди. Идоралар ўртасидаги самарали ҳамкорлик туфайли бир неча гумонланувчи жуда қисқа вақт ичида ҳибсга олинди ва Бавария ҳудудида исломчилар томонидан уюштирилиши мумкин бўлган ҳужумнинг олди олинди».

Маълум қилинишича, операция Экстремизм ва терроризмга қарши кураш марказий бошқармаси томонидан амалга оширилган бўлиб, унда Конституцияни ҳимоя қилиш давлат бошқармаси ҳам иштирок этган. Шунингдек, Германия расмийлари ҳужум режаси ҳақида хорижий разведка хизматидан олдиндан огоҳлантирувчи маълумот олган.

Киритилди: 12:26 14.12.2025. Ўқилди: 281 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!