Германия 2025-2028 йиллар оралиғида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) фаолиятини молиялаштириш учун 360 миллион евро ажратади. Бу ҳақда Германия канцлери Олаф Шолц 14 октябрь, душанба куни Берлинда бўлиб ўтган Жаҳон соғлиқни сақлаш саммитида маълум қилди.
ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус Германия ҳукумати раҳбарига миннатдорчилик билдирди.
«Биз Германиянинг ЖССТни келгуси тўрт йил ичида 400 миллион долларга яқин маблағ, жумладан, 260 миллион (доллар, конвертация қилинганда 238 миллион евро)ни янги ихтиёрий бадаллар сифатида ажратиш мажбуриятини олқишлаймиз», – деб ёзади у X ижтимоий тармоғида.
ЖССТ Шолцдан бошқа мамлакатларни уни қўллаб-қувватлашга сафарбар этишдаги роли учун миннатдор эканлиги билдирилди.