БМТнинг Венадаги Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси йиллик ҳисоботида айтилишича, кетаминнинг ноқонуний савдоси бўйича Германиядан фақат Нидерландия олдинда бормоқда. Кетамин қонуний тиббий препарат бўлишига қарамай, ундан тиббий бўлмаган мақсадларда фойдаланиш кенг тарқалган. Кўпинча у бошқа ноқонуний моддалар билан биргаликда истеъмол қилинади, бу эса юқори хавф омилига айланиб, ўлимга олиб келиши мумкин.
Германияда, Европанинг баъзи бошқа мамлакатларида бўлгани каби, кетамин айланмаси наркотик моддалар тўғрисидаги қонун (Betäubungsmittelgesetz) билан эмас, балки унга нисбатан юмшоқроқ бўлган дори воситалари тўғрисидаги қонун билан тартибга солинади, деб қайд этилади БМТ бошқармаси ҳисоботида. Шу билан бирга, кетаминнинг катта қисми қора бозорга Ҳиндистондан кириб келади.
Сўнгги йилларда дунёда кетамин истеъмол қилиш ҳажми ўсиб бормоқда, гарчи у каннабис, кокаин ва амфетаминга қараганда ҳали ҳам камроқ тарқалган модда бўлиб қолмоқда.
Бошқарманинг 2024 йилги маълумотларига кўра, дунёда гиёҳванд моддалар истеъмол қилувчилар сони 10 йил ичида қарийб 30 фоизга ўсиб, тахминан 331 миллион кишига етган. Героин ва бошқа опиоидларни суиистеъмол қилиш билан боғлиқ вазият нисбатан барқарор бўлиб турган бир пайтда, кокаин ҳамда унинг ўта хавфли тури бўлган крэк истеъмоли сезиларли даражада ошган.