2025 йилнинг биринчи чорагида Германияда бошпана сўраб берилган аризалар сони 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 41 фоизга камайган, деб ёзади Welt am Sonntag газетаси Еврокомиссиянинг махфий ҳисоботига асосланиб.
Ҳисоботга кўра, 1 январдан 31 мартгача бўлган даврда бошпана сўрови бўйича энг кўп ариза Францияда топширилган (40 871 та). Иккинчи ўриндан Испания (39 318 та ариза), учинчи ўриндан Германия (37 387 та) жой олган.
Шундай қилиб, ГФР кўп йиллардан буён биринчи марта ушбу кўрсаткич бўйича ЕИ мамлакатлари орасида етакчиликни йўқотди, дея хабар бермоқда Tagesschau.
Нашрнинг қайд этишича, Германияда биринчи чоракда энг кўп бошпана сўраганлар Сурия (24 фоиз), Афғонистон (16 фоиз) ва Туркия (11 фоиз) фуқаролари бўлган. Францияда эса ариза берувчиларнинг асосий қисмини украиналиклар ташкил этган.
Умуман олганда, ҳисоботга кўра, Европа Иттифоқида бошпана сўраганларнинг энг кўпи Венесуэладан (25 375 киши) келган бўлиб, бу мамлакат фуқароларидан тушган аризалар сони 44 фоизга ошган.