Ганновер божхоначилари Европа Иттифоқига тахминан 1,5 миллиард дона сигаретни ноқонуний йўллар билан олиб кирган ва 550 миллион евро божхона тўловларидан қочган жиноий гуруҳни фош қилди. Бельгиядан, Нидерландиядан ва Германиядан келган терговчилар 15 та тинтув ва қўлга олиш ордерларини расмийлаштириб, 10 нафар гумондорни ҳибсга олди. Яна 5 нафар шахснинг келгуси тақдири ҳал бўлиши кутилмоқда.
1,5 миллиард дона сигарет — бу 150 та денгиз контейнери деганидир.
Контрабанда сигаретлар асосан Туркия ва Эронда ишлаб чиқарилган. Сигаретлардан ташқари, жиноий гуруҳ трубка чекиш учун мўлжалланган тамаки ҳам олиб кирган. Улар юкларни яширинча, масалан, қурилиш материаллари сифатида кўрсатиб олиб ўтган. Импорт ҳужжатларида эса маҳсулотлар ҳақида ёлғон маълумотлар берилиб, сохта харидорлар кўрсатилган.