Германия 2024 йилда Россия уранининг импортини ўтган йилга нисбатан қарийб 70 фоизга ошириб, 68,6 тоннага етказди.
Бу ҳақда Қуйи Саксония атроф-муҳит, энергетика ва иқлимни муҳофаза қилиш вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, уран Линген шаҳридаги Advanced Nuclear Fuels ANF ядро ёқилғиси ишлаб чиқариш заводига етказилган. ANF Франциянинг Framatome компаниясининг шўъба корхонаси ҳисобланади.
Германия атроф-муҳит, табиатни муҳофаза қилиш, ядровий хавфсизлик ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерал вазирлиги минтақавий агентлик маълумотларини тасдиқлади.
"Ҳозирда Европа Иттифоқининг тинч мақсадларда уран импорти ва экспортига эмбаргоси йўқ", - дея тушунтирди департамент.