Бугун 6 июнь, 2025 йил, жума

O'ZB

Гепатит «А»нинг илк аломатлари қандай намоён бўлади?

A A A
Гепатит «А»нинг илк аломатлари қандай намоён бўлади?

Вирусология илмий текшириш институти директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Эркин Мусаев билан гепатологиянинг долзарб масалалари, жигар касалликларининг олдини олиш ва эрта аниқлашда патронаж ҳамшираларнинг вазифалари хусусида саволларга жавоб берди.

– Суҳбатимизни бугун болалар ўртасида тез-тез учраётган Гепатит “А” касаллиги келиб чиқиши сабаби, олдини олиш йўллари ҳақида бошласак.

– Гепатит «А» касаллигини «ифлос қўллар» касаллиги деб аталиши бежиз эмас. Бу касаллик вируси юқишида шахсий гигиенага тўла риоя этмаслик, тозалик, озодаликка етарли эътибор бермаслик, қайнатилмаган сув ичиш асосий сабаб бўлади. Гепатит «А» юқиши олдини олишнинг осон йўли эмлашдир. Болани боғчага, мактабга беришдан олдин албатта эмлатиш керак. Ота-оналарга бу ҳақда тарғиб қилишда патронаж ҳамшираларнинг роли катта. Бундан ташқари, ҳар гал оила кўригига борганингизда хонадонда қайнатилган сув ичиладими, тозалик, озодалик муҳити талаб даражасидами, бунга ҳам эътиборли бўлишингиз лозим.

– Гепатит «А» нинг илк аломатлари қандай намоён бўлади?

– Болада ҳолсизлик ва чарчоқ кузатилади, иштаҳаси бўлмайди. Иситма чиқиши, ичи кетиши мумкин. Гепатит «А» да ҳар доим ҳам танага сариқлик уриб чиқмайди, баъзи ҳолатларда сариқсиз кечиши мумкин. Ана шуниси нисбатан хатарли, чунки, ота-она болам шамоллади ёки диарея бўлди, деб ўз билганича даволаб, беморнинг аҳволини янада оғирлаштиради. Бу бошқаларга вирус юқиши хавфини ҳам орттиради.

– Гепатит «А» билан хасталанган болаларни жисмоний машғулотларга жалб этиш мумкинми?

– Гепатит «А» нинг оғир шаклини ўтказган беморлар уч ойгача жисмоний тарбия, навбатчилик, транспортда узоқ юришни талаб этувчи ортиқча ҳаракатлардан чекланиши лозим. Шунингдек, хонадон шароитида ҳам уларни тўғри овқатлантириш, дам олиши учун қулай шароит яратиш, оғир жисмоний ишлардан озод этиш керак.

– Баъзилар жигар касалликларини даволашда дори-дармонлар ўрнига табиий гиёҳлар ичиш яхши фойда беради, деб ўйлайди. Шу тўғрими?

– Нотўғри. Жигар касаллигини асосан вируслар келтириб чиқаради. Шу боис беморни чуқур текширувдан ўтказиб, вирус турини аниқлаб аниқ даво чораларини кўрмагунча, жигар тикланмайди, аксинча, касаллик ривожланиб бораверади. Махсус даво курсларини тўлиқ қабул қилиб бўлгач, кейинчалик профилактика мақсадида шифокор тавсияси асосида табиий гиёҳлар ичса бўлади.

Киритилди: 19:45 04.11.2020. Ўқилди: 8019 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!