Бугун 27 октябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Ғазодаги инқироз ва Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар фонида Исроильда парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда

Ғазодаги инқироз ва Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлар фонида Исроильда парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда

Сешанба, 27 октябрь куни Исроильда 26-чақириқ Кнессет аъзоларини аниқлаб берувчи навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда. Сайлов жараёнлари Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатлар, Ливан жанубидаги вазият ҳамда АҚШ билан ҳамкорликда Эронга қарши олиб борилаётган низолар фонида ўтказилмоқда. Бу 1988 йилдан бери мамлакатда белгиланган муддатда ўтказилаётган илк парламент сайлови ҳисобланади. 120 ўринли Кнессетдаги депутатлик ўринлари учун 37 та сиёсий партия ва коалиция иштирок этмоқда.

Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, мамлакатда 7,3 миллионга яқин фуқаро овоз бериш ҳуқуқига эга. Парламентга кириш учун сиёсий кучлар 3,25 фоизлик сайлов тўсиғидан ўтишлари лозим.

Ижтимоий сўровномалар шуни кўрсатмоқдаки, асосий сиёсий кураш Бош вазир Биньямин Нетаньяху бошчилигидаги коалиция ҳамда собиқ Бош штаб бошлиғи Гади Айзенкот муҳим ўрин эгаллаган мухолифат блоги ўртасида кечмоқда. Нетаньяху томонида ультраўнг ва ультраортодоксал партиялар жамланган бўлса, Айзенкотнинг «Яшар» партияси бошчилигидаги мухолифат лагеридан Нафтали Беннет, Яир Лапид, Авигдор Либерман ва Яир Голаннинг сиёсий ҳаракатлари ўрин олган.

Геосиёсий муаммолар ва коррупция бўйича давом этаётган суд жараёнларига қарамай, деярли 19 йилдан бери ҳокимиятда бўлиб келаётган Нетаньяху ўз лавозимини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда.

Исроиль аҳолисининг бешдан бир қисмини ташкил этувчи араб фуқароларини сайловда «Умумий рўйхат» ва РААМ партиялари вакиллик қилмоқда. Шу билан бирга, Шарқий Қуддус, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили ва Ғазода яшовчи 6 миллионга яқин фаластинлик Исроиль фуқаролигига эга бўлмагани сабабли овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум, ваҳоланки Исроиль ҳукумати қарорлари уларнинг ҳаётига бевосита таъсир кўрсатади.

Amnesty International ва Human Rights Watch каби халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар ушбу сайловлар Исроильнинг Фаластин ҳудудларидаги ҳаракатлари ва халқаро ҳуқуқни бузиш ҳолатларидан жамоатчилик эътиборини чалғитмаслиги кераклигини таъкидламоқда.

Янги Вазирлар Маҳкамасини тузиш учун номзод Кнессетдаги 120 депутатнинг камида 61 тасининг қўллаб-қувватлашига эришиши керак. Сайлов якунлангач, президент Ицхак Герцог коалиция тузиш ваколатини энг кўп имкониятга эга деб топилган номзодга топширади. Агар 45 кун ичида коалицион келишувга эришилмаса, мамлакат қайтадан сиёсий инқироз ва янги сайловлар босқичига кириши мумкин.

Киритилди: 21:36 26.10.2026. Ўқилди: 524 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!