Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху, агар ХАМАС шанба куни тушдан кейин гаровга олинганларни қайтармаса, Исроил армияси Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётларни қайта бошлашини маълум қилди, деб хабар беради BBC.
“Агар ХАМАС шанба куни тушдан кейин бизнинг гаровдагиларни қайтариб бермаса, келишув тугайди ва ЦАХАЛ ХАМАС мағлубиятга учрамагунча интенсив ҳарбий амалиётларни давом эттиради”, – деди Нетаньяху ҳарбий вазирлар маҳкамаси аъзолари билан учрашувдан сўнг берган баёнотида.
Бундан ташқари, АҚШ президенти Дональд Трамп ХАМАСдан шанба куни тушга қадар барча гаровга олинганларни озод этишни талаб қилди, акс ҳолда “ҳақиқий дўзах бошланади”.
“Хамас нима ҳақида гапираётганимни тушунади”, – деди у.
Бир кун аввал жангарилар Исроил ўт очишни тўхтатиш келишуви шартларига риоя қилмаётганини иддао қилиб, исроиллик маҳбусларни озод қилиш ва уларни фаластинлик асирларга алмаштиришнинг навбатдаги босқичини тўхтатиш билан таҳдид қилган эди.
Исроил Мудофаа вазири Исраэль Кац ХАМАС баёнотига изоҳ берди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган шанба куни ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув доирасида ХАМАС 3 нафар исроилликни Қизил Хочга топширган эди.
Шу тариқа ХАМАС жами 16 нафар исроилликни озод қилди, 17 киши жангарилар қўлида қолмоқда. Исроил маълумотларига кўра, бу 17 кишидан саккиз нафари вафот этган, яъни Исроил яна тўққиз нафарининг озод этилишини кутмоқда.
ХАМАС шу шанба куни яна уч исроилликни озод қилиши керак эди. Бунинг эвазига Исроил бир қанча фаластинлик маҳбусларни озод қилишга рози бўлди.