Сўнгги 24 соат ичида Ғазо секторида очлик ва тўйиб овқатланмасликдан яна 5 нафар фаластинлик вафот этди.
Бу ҳақда Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
Маълумотларга кўра, 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазода очликдан ҳалок бўлганлар сони 404 нафарга етди, уларнинг 141 нафари болалардир.
22 август куни Интеграциялашган озиқ-овқат хавфсизлиги фазаси таснифи (IPC) Ғазодаги очарчилик даражасини энг юқори — 5-босқичга кўтарган эди. Шундан бери яна 126 киши, жумладан, 26 бола очликдан вафот этган.
Исроилнинг блокадаси ва доимий ҳужумлари оқибатида Ғазода озиқ-овқат, сув ва дори-дармон танқислиги кучаймоқда. Минтақавий ва халқаро манбалар Исроилни “очлик ва ташналикдан қурол сифатида фойдаланишда” айбламоқда.
Қочқинлар яшаб турган чодирлар ва аҳоли турар-жойлари эса Исроил армияси томонидан ҳар куни ўққа тутилмоқда.