Ғазо сектори Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Хон-Юнус шаҳрининг ғарбий қисмидаги Эсда туманида Исроил ҳарбий авиацияси томонидан амалга оширилган ҳужум натижасида 3 нафар полиция ходими ва 2 нафар тинч фуқаро ҳалок бўлди.
Вазирлик баёнотига кўра, зарба полиция патрулига қаратилган бўлиб, ушбу патрул ўғирлик ва Исроил билан ҳамкорликда гумон қилинган шахсларни кузатиш билан шуғулланган.
"Бугун (пайшанба) кечқурун Хон-Юнус шаҳридаги Эсда ҳудудида полиция бўлимига тегишли машинага Исроил самолётлари томонидан зарба берилди. Зарба натижасида уч нафар полициячи ва икки нафар фуқаро ҳалок бўлди", — дейилади расмий баёнотда.
Баёнотда таъкидланишича, ҳар куни бўлаётган бомбардимонларга қарамай, Ғазо полицияси ва хавфсизлик хизматлари ўз вазифаларини бажаришда давом этмоқда.
"Бу каби ҳужумлар бизнинг иродамиз ва қатъиятимизни синдирмайди", — дейилади хабарда.
Шунингдек, ИИВ Исроил ҳукуматини Ғазода тартибсизлик ва бесарусанлик келтириб чиқариш мақсадида атайлаб ҳуқуқ-тартибот органларини нишонга олаётганликда айблади.
Вазирликка кўра, Исроил марказий Ғазода жойлашган Дейр эль-Балах шаҳридаги бозорга ҳам зарба берган. У ерда фуқаролар тўпланган пайтда бомбардимон амалга оширилган ва натижада 18 нафар фаластинлик, жумладан хавфсизлик ходимлари ҳам ҳалок бўлган.
"Исроил оккупация кучлари бозорда тартибни таъминлаётган полиция ва хавфсизлик хизматларига қарши янги қонли ҳужум амалга оширди. У пайтда полиция ходимлари фуқаролар мулкига ҳужум қилган ўғирлик гуруҳларини ушлаш операциясини олиб бораётган эди", — дейилади баёнотда.
Вазирлик, шунингдек, 2023 йил 7 октябридан буён Исроил АҚШ қўллаб-қуввати билан Ғазо секторида оммавий қотиллик, мажбурий кўчириш, вайроналик ва очлик сиёсати юритаётганини таъкидлади. БМТ Халқаро суди қарорлари ва халқаро ҳамжамиятнинг чақириқлари Исроил томонидан инкор этилаётгани таъкидланди.
Фаластин расмийларининг маълумотига кўра, уруш бошланганидан буён 188 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган ёки яраланган, уларнинг кўпчилиги аёллар ва болалардир. Камида 11 минг киши бедарак йўқолган, юз минглаб одамлар ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Болалар ўртасида очлик туфайли ҳалок бўлиш ҳолатлари ҳам қайд этилмоқда.