Исроил армияси “Гидеон аравалари” операцияси доирасида Ғазо секторида кенг кўламли ер усти ҳаракатларини бошлаганини эълон қилди.
ЦАХАЛ баёнотида айтилишича, сўнгги бир ҳафта давомида Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари “дастлабки ҳужум тўлқинини амалга ошириб, Ғазо бўйлаб ҲАМАСга тегишли 670 дан ортиқ террорчилик объектларини нишонга олган” ва Ғазодаги ҳарбийларни доимий қўллаб-қувватлашни давом эттирмоқда.
Исроил бош вазири девони маслаҳатчиси Дмитрий Ҳенделманнинг сўзларига кўра , Исроил “Гидеон аравалари” операциясининг ҳал қилувчи босқичига бошланган.
"ЦАХАЛ ўз операцияси доирасида, агар яқин кунларда ҲАМАС билан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилмаса, Ғазо секторидаги тинч аҳолини тўртта босиб олинган ҳудуд билан ажратилган учта ҳудудга мажбуран кўчиришни режалаштирмоқда", деб ёзмоқда The Sunday Times.
Исроил ҳарбийлари томонидан эълон қилинган операция бошланишига жавобан гаровга олинганлар оилалари штаби огоҳлантириш бериб, бу ҳаракатлар “тирик гаровдагилар ҳалок бўлишига ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини қайтариш имкониятининг йўқолишига олиб келиши мумкинлигини” билдирган.
ҲАМАС назорати остидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакат шимолидаги учта давлат касалхонаси фаолиятини тўхтатган. Хабар берилишича, тунги ҳужумлар оқибатида 130 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, сўнгги бир ҳафта ичида эса Исроилнинг ҳарбий ҳужумлари натижасида 464 нафар фаластинлик қурбон бўлган.