Футбол келажак сари қадам ташламоқда. Ушбу спорт турининг энг таниқли анъанавий атрибутларидан бири бўлган сариқ ва қизил карточкалар ҳам янгиланиш арафасида турибди.
Уругвай кубоги доирасидаги учрашувда ҳакамлар фаолияти учун қўшимча имкониятлар яратадиган ва келажакда уларнинг иш услубини ўзгартириши мумкин бўлган янги электрон қурилма эътиборни тортди.
derbyderbyderby.it нашрининг хабар беришича, мазкур янгилик Уругвай кубогининг 1/8 финалидан ўрин олган "Насьональ" ва "Рентистас" жамоалари ўртасидаги баҳсда синовдан ўтказилди. Учрашув мезбонларнинг 3:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Тажриба давомида бош ҳакам Эдуардо Варела анъанавий сариқ ва қизил карточкалар ўрнига смартфонга ўхшаш электрон қурилмадан фойдаланди.
Илк "рақамли карточка" учрашувнинг 12-дақиқасида кўрсатилди. Ҳакам "Рентистас" ярим ҳимоячиси Хуан Пабло Пладени огоҳлантирди.
Баҳс давомида бошқа футболчилар ҳам огоҳлантириш олди. Энг эътиборли вазият эса "Насьональ" футболчиси Науэль Хелоснинг майдондан четлатилиши бўлди. Ҳакам электрон қурилманинг ёритилган экранида қизил сигнални кўрсатиб, футболчини майдондан четлатди.