Беш йилга озодликдан маҳрум этилган Николя Саркози бугун, 21 октябр куни қамоқхонага йўл олди, дея хабар бермоқда агентлик.
2007 йилги сайловолди кампаниясини Ливиядан ноқонуний молиялаштириш бўйича жиноий тил бириктиришда айбдор деб топилиб, беш йилга озодликдан маҳрум этилган собиқ президент Париждаги La Santé қамоқхонасида жазони ижро этишни бошлайди.
"Саркози қамоқхонанинг хавфсизлик даражаси юқори бўлган махсус қисмига жойлаштирилади. Бироқ у учун алоҳида шароитлар назарда тутилмаган. Собиқ президентга 12 квадрат метргача бўлган ўлчамли одатдаги камера ажратилади. Унда душ, музлаткич ва телевизор бўлади", дея ёзмоқда Reuters.
Тергов маълумотларига кўра, Ливиянинг собиқ раҳбари Муаммар Қаззофий Николя Саркозининг сайловолди кампаниясини миллионлаб евро билан таъминлаган, маблағлар Парижга нақд пул шаклида юборилган. Собиқ президент эса барча айбловларни рад этган.