Бугун 17 ноябрь, 2026 йил, сешанба

O'ZB

Франциялик футболчи ўзи ўйлаб топган ўйин лойиҳасини 26 млн еврога сотмади — The Athletic

Франциялик футболчи ўзи ўйлаб топган ўйин лойиҳасини 26 млн еврога сотмади — The Athletic

АҚШнинг “Шарлотт” клуби ҳужумчиси Аллан Сен-Максимен ўзи ишлаб чиққан стол ўйинини тўлиқ сотиб олиш бўйича тушган 26 миллион евролик таклифни рад этди. Франциялик футболчи лойиҳани бир йўла сотишдан кўра, инвесторларни жалб этиш ва унинг ривожи учун янги иш ўринлари яратишни маъқул кўрмоқда.

The Athletic нашрига берган интервьюсида Сен-Максимен футболчилик фаолиятидан ташқари шуғулланаётган лойиҳаси — “Helios” номли стол ўйини ҳақида сўзлаб берди.

Футболчи ушбу лойиҳани нолдан яратиш ва унинг қоидаларини ишлаб чиқиш учун қарийб икки ярим йил вақт сарфлаган. Қадимги юнон мифологиясига асосланган ўйинда Зевс, Афина каби афсонавий қаҳрамонлар иштирок этади. Унда стратегия, карталар ва ўйин кубикларидан фойдаланилади. Ғалаба қозониш учун ўйинчилар тангалар ишлаб топиши ёки уларни рақибларидан тортиб олиши керак.

Newcastle star Allan Saint-Maximin launches own BOARD GAME based on Greek  gods as fans invited to compete for cash prize

Сен-Максимен ўз лойиҳасини 2022 йилнинг январь ойида расман оммага тақдим этган. Бугунги кунда “Helios” нафақат анъанавий стол ўйини, балки App Store тармоғида мобил илова (Helios The Game — таҳририят) кўринишида ҳам мавжуд.

Лойиҳа ривожланиб, оммалашганидан сўнг уни тўлиқ сотиб олиш учун 26 миллион евро таклиф қилинган. Бироқ футболчи бу таклифга рози бўлмаган. Унинг фикрича, лойиҳани бутунлай сотишдан кўра, хусусий инвестиция компанияларини жалб қилиш ва уларга бизнесдаги улушни таклиф этиш маъқул. Бу орқали ўйинни янада ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратиш мумкин.

Сен-Максимен Яқин Шарқдаги фаолияти давомида етарлича маблағ ишлаб топгани сабабли бундай таклифлар уни унчалик қизиқтирмаслигини ҳам яширмади.

“Саудия Арабистонидаги уч йил давомида 45 миллион евро соф даромад топганман. Шу сабабли 26 миллион евролик таклиф мени ҳайратга солмайди. Балки бир миллиард евро таклиф қилишганида, бу ҳақда гаплашишимиз мумкин эди. Аммо бунга ҳали анча бор!” дейди футболчи.

Маълумот учун, 29 ёшли вингер 2019 йилда “Ницца”дан “Ньюкасл”га 18 миллион евро, 2023 йилда эса “Ал-Аҳли”га 27 миллион евро эвазига трансфер қилинган. Кейинчалик у “Фенербаҳче”, Мексиканинг “Америка” ва Франциянинг “Ланс” клубларида ҳам тўп сурган. Ҳозирги пайтда футболчи АҚШнинг “Шарлотт” клуби шарафини ҳимоя қилмоқда.

Киритилди: 14:22 09.11.2026. Ўқилди: 861 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар