Францияда 5 ноябрь куни ўтказилган умуммиллий норозилик акциялари сўнгги ҳафталардаги энг йирик намойишга айланди.
Мамлакатнинг йирик касаба уюшмалари бирлашмаси CGT маълумотига кўра, турли шаҳарлардаги намойишларда қарийб 1,6 миллион киши қатнашган. Франция Ички ишлар вазирлиги эса иштирокчилар сонини 575 минг нафар деб баҳолади.
Намойишчилар иш ҳақи ва пенсияларни ошириш, аҳолининг харид қобилиятини яхшилаш ҳамда давлат хизматларини етарлича молиялаштиришни талаб қилмоқда.
Акциялар давомида айрим шаҳарларда намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар кузатилди.
BFMTV маълумотига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар 448 нафар кишини қўлга олган. Шунингдек, 53 нафар полиция ходими жароҳатланган.
Оммавий норозиликлар сабаб мамлакатнинг айрим ҳудудларида транспорт қатнови ва таълим муассасалари фаолиятида узилишлар юзага келган.