Франция спорт вазири Марина Феррари 2026 йилги Жаҳон чемпионатини бойкот қилиш масаласида изоҳ берди. Мазкур турнир 2026 йил ёзида АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида ўтказилиши режалаштирилган.
“Ҳозирги босқичда вазирлигимизнинг бу йирик мусобақани бойкот қилиш нияти йўқ. Албатта, келажакда нима бўлишини олдиндан айтиб бўлмайди. Мен спорт ва мусобақаларни сиёсатдан ажратиш тарафдориман, аммо айрим сиёсий блоклар томонидан бойкот ҳақидаги фикрлар ҳам эшитилди. Жаҳон чемпионати барча спорт ихлосмандлари учун ниҳоятда муҳим воқеа”, дея таъкидлади Феррари RMC Sport нашрига берган интервьюсида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бир қатор Европа терма жамоалари 2026-йилги Жаҳон чемпионатини бойкот қилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар тарқалган эди. Бу АҚШ президенти Дональд Трампнинг Гренландия бўйича баёнотлари фонида айтилди. Жумладан Германия Бундестагидаги Христиан-демократик ва Христиан-социал иттифоқлар (ХДИ/ХСИ) фраксиясининг ташқи сиёсат бўйича вакили Юрген Хардт Жаҳон чемпионатини бойкот қилиш эҳтимолини сўнгги чора сифатида тилга олганди.
Маълумот учун, Жаҳон чемпионати 2026 йилнинг 11 июнидан 19-июлигача давом этади. Амалдаги чемпиони Аргентина терма жамоаси бўлиб, улар 2022 йилги мундиал финалида Франция терма жамоасига қарши майдонга тушган. Учрашувнинг асосий ва қўшимча бўлимлари 3:3 ҳисобида якунланган, пенальтилар сериясида эса Аргентина терма жамоаси 4:2 ҳисобида устун келган.