Американинг Ford автомобиль ишлаб чиқарувчиси 2027 йил охиригача Германияда 2900 та иш жойини қисқартириш режасини эълон қилди. Асосий зарба Кёлн заводида бўлади, у eрда иш ўринларининг чорак қисми йўқ қилинади.
Қарор компаниянинг енгил автомобиллар сегментидаги катта йўқотишлари, электромобиллар ишлаб чиқаришдаги қиммат қайта қуриш ва қатъий экологик стандартлар билан боғлиқ. Вазият давлат субсидиялари тугаганидан кейин электромобилларга талабнинг кескин камайиши билан янада оғирлашмоқда.
«Биз Ford'нинг Европадаги рақобатбардошлигини таъминлаш учун қийин, аммо қатъий чоралар кўришга мажбурмиз», деди Ford ижрочи директори Маркус Вассенберг.
Ford электромобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида Кёлндаги заводни модернизация қилишга икки миллиард еврога яқин сармоя киритган, бироқ компаниянинг кутганлари оқланмади – янги моделлар сотуви режалаштирилганидан пастлигича қолмоқда.
Молиявий қийинчиликлар шароитида компания менежерларнинг кетишига ҳам дуч келди: масалан, бу ёзда Ford'нинг Германиядаги раҳбари Мартин Сандер Volkswagen'га кўчиб ўтди.
Аввалроқ Volkswagen автомобиль концерни Германиядаги 10 та заводдан учтасини ёпишни, шунингдек, қолганларининг ишини сезиларли даражада қисқартиришни режалаштираётгани маълум бўлган эди. Бундан ташқари, компания бошқарув режаларида иш ҳақини қисқартириш ва бутун бўлимларни чет элга аутсорсингга ўтказиш киради.