Финляндия кейинги беш йил ичида Россиянинг чегарадаги ҳарбий таҳдиди ошиши мумкин деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда The New York Times хабар берди.
Газетанинг ёзишича, Россия армияси Финляндия билан чегарадаги ҳарбий қисмларни мустаҳкамламоқда ва инфратузилмани кенгайтирмоқда.
Сунъий йўлдош тасвирларига кўра, Ленинград вилоятидаги Каменка ҳарбий қисмида юзлаб янги чодирлар пайдо бўлган. Мурманск яқинидаги вертолёт базасига эса, 20 йилдан бери кўринмаган ҳарбий вертолётлар қайтган. Шунингдек, Оленя авиабазасида ўнлаб россиялик ҳарбий самолётлар кузатилган.
NYT'га кўра, бу ҳаракатлар ҳозирча катта миқёсдаги ва узоқ муддатли ҳарбий кенгайишнинг дастлабки босқичлари сингари кўриниш бермоқда. Финляндия расмийларининг тахмин қилишича, Россия ўз ҳарбий кучларини таҳдид соладиган даражага етказиши учун тахминан беш йил вақт керак бўлади. Шу билан бирга, улар чегарадаги россиялик аскарлар сони уч бараварга кўпайиши мумкинлигини айтмоқда. Бироқ фин ҳарбийлари бу жараёнга ҳозирча хотиржамлик билан ёндашмоқда.
The Wall Street Journal нашри ҳам апрел ойида сунъий йўлдош тасвирларига таянган ҳолда, Россия сўнгги йилларда Финляндия ва Норвегия билан чегарадаги ҳарбий қисмларни кенгайтирганини ёзган, бу эса янги урушга тайёргарлик сифатида қабул қилинмоқда.