Бугун 26 сентябрь, 2026 йил, шанба

O'ZB

Файзуллаев: "Осиё чемпионатига юқори даражада боришимиз керак"

Файзуллаев: "Осиё чемпионатига юқори даражада боришимиз керак"

Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчиси Аббосбек Файзуллаев Эронга қарши 3:1 ҳисобидаги ғалабадан сўнг учрашув ҳақидаги фикрларини билдирди.

Файзуллаев аввало стадионга келиб, жамоани қўллаб-қувватлаган мухлисларга миннатдорчилик билдирди.

"Ўйин осон кечмади. Мухлислар жуда яхши атмосфера яратишди. Менимча, баҳс уларга ҳам манзур бўлди. Ҳар икки жамоада имкониятлар бўлди, айрим пайтларда биз, баъзи вазиятларда эса Эрон устунроқ кўринди. Энг муҳими, якунда ғалаба қозондик", — деди у.

Аббосбекнинг таъкидлашича, Эрон каби кучли рақиб устидан қозонилган ғалаба жамоага қўшимча ишонч беради.

"Бундай рақибларни енгиш ҳар доим ёқимли. Бу жамоанинг руҳини кўтаради. Энди Тошкентга қайтамиз ва Сурияга қарши учрашувга тайёргарликни бошлаймиз", — деди Файзуллаев.

У миллий жамоада шаклланаётган авлодга ҳам ижобий баҳо берди.

"Ҳозир терма жамоада яхши авлод йиғилган. Илгари ҳам кучли футболчилар бўлган, балки уларга қайсидир жиҳатлар етишмагандир", — дея қўшимча қилди футболчи.

Файзуллаев янги тактик схема ўзига маъқул келганини ҳам айтди.

"Ўзимни яхши ҳис қилдим. Янги тактика менга ёқди. Албатта, тўп йўқотиш ёки нотўғри пас бериш каби ҳолатлар бўлади — бу футболнинг бир қисми. Бош мураббий эса шу руҳда давом этиб, темпни яна ошириш кераклигини айтди. Осиё чемпионатига энг яхши ҳолатда боришимиз шарт", — деди у.

Киритилди: 09:55 25.09.2026. Ўқилди: 417 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!