Фарғона шаҳридаги айрим давлат боғчаларида заҳарланган болалардан 22 нафари уйга қайтарилди. Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, 21 феврал куни шаҳардаги 58, 2 ва 61-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари тана ҳарорати кўтарилиши, қоринда оғриқ, ич ўтиши белгилари билан Юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилишган эди. Бўлимда 62 нафар беморлар даволанаётгани билдирилган.
25 февраль соат 08:00 ҳолатига кўра, вилоят юқумли касалликлар шифохонаси ҳамда Фарғона шаҳар болалар шифохонасида даволанган 22 нафар бола соғлиғи яхшилангани муносабати билан уйига рухсат этилди. Улар амбулатор назоратда, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, қолган беморларнинг аҳволи нисбатан қониқарли. Бугун кун охирига қадар яна бир неча нафар болани уйига жавоб бериш режалаштирилган.
Шу билан бирга, мутахассислар томонидан МТТ ошхоналари ва озиқ-овқат етказиб берувчи корхонада текширувлар ўтказилиб, лаборатория намуналари таҳлилга юборилиб, натижалар 10 кун ичида жамоатчиликка эълон қилиниши билдирилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 257¹-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, барча тегишли турдаги экспертизалар тайинланган ҳолда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.