Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро навбатдаги йиғин олдидан таркибга чақирилмаган футболчилар ва кенгайтирилган рўйхат борасидаги саволларга жавоб берди. Италиялик мутахассис жамоадаги рақобат ва футболчиларнинг руҳиятига алоҳида тўхталди.
Каннаваронинг таъкидлашича, мураббийлар штаби айни дамда жуда катта контингентни назорат қилиб бормоқда: — Бизнинг кенгайтирилган рўйхатимизда 55 нафар футболчи бор. Лекин бу чегара эмас. Рўйхатга кирмаганларни ҳам кузатишда давом этяпмиз. Ички чемпионатда ўзини кўрсатган ҳар бир ўйинчи кейинги йиғинларда миллий жамоадан чақирув олиши мумкин. Эшик ҳамма учун очиқ.
Мураббий таркибни шакллантиришда танлов имконияти кенглигидан мамнун: — Мен чақиришни истаган футболчилар жуда кўп. Ҳатто Дубайдаги йиғинда қатнашган бир қатор йигитларни ҳам таркибга қўшгим келганди. Танловнинг кўплиги мен учун «ёқимли муаммо» туғдирмоқда. Рўйхатимизда тажрибали ва ёш футболчилар мутаносиблиги сақланган. Бироқ, алоҳида исмларни тилга олишни истамайман, бу ички муҳит учун тўғри бўлмайди.
Каннаваро учун футболчининг маҳорати билан бирга унинг ватанпарварлик ҳисси ҳам муҳим аҳамиятга эга: — Мен ҳар бир футболчи билан алоҳида гаплашиб чиқдим. Мени энг қувонтирадиган жиҳат — терма жамоа ихтиёрига келган йигитларнинг кўзида фахр туйғусини кўраман. Ватан либосида майдонга тушиш улар учун шараф. Мана шу руҳият биз учун жуда муҳим ҳисобланади.