Американиг машҳур Pew тадқиқот институти ўзининг навбатдаги ҳисоботини эълон қилди. Бу сафар ташкилот мутахассислари Европа минтақасидаги исломофобик ва антисемит кайфиятни таҳлил қилдилар.
Сўровнома 15 та Европа мамлакатида ўтказилди. Унда иштирок этган 25 мингга яқин киши ўз мамлакатларида диний ҳуқуқлар ва эркинликлар, диний маросимларда аҳолининг иштироки, бирор диннинг бошқа динларга нисбатан бағрикенглик даражасига баҳо бердилар.
Тадқиқотчиларнинг ҳайратига сабаб бўлган натижалар Италияда қайд этилди. Шундай қилиб, бу мамлакатда яшовчи сўровнома қатнашчиларининг 12 фоизи яҳудийлар билан қўшни бўлишни истамаслигини очиқ айтадилар, 21 фоизи эса мусулмонлар билан бирга яшашга рози эмасликларини таъкидлашган.
Марказий Европада бу каби кўрсаткичлар икки баробар камроқ, Голландия ва Дания каби Шимолий Европа мамлакатларда эса деярли нольга яқин бўлди.
Бундан ташқари, италияликларнинг ярмидан кўпи Ислом динини уларнинг маданияти ва миллий қадриятларига мос келмаслигини айтишди. Финландия аҳолисининг 62 фоизи ҳам худди шундай фикрда эканлиги тадқиқотчиларни янада ажаблантирди.
Manba: azon.uz