Европа давлатларида, айниқса Ўрта ер денгизи ҳавзасига кирувчи мамлакатларда аномал иссиқлик ҳали ҳам сақланиб турибди. Кўплаб ҳудудларда ўрмон ёнғинлари ва улар билан боғлиқ хавфли вазиятлар билан кураш давом этмоқда.
Маҳаллий ОАВларга кўра, Португалияда юзага келган ёнғинларга қарши курашиш учун 2 мингга яқин ёнғин ўчирувчи сафарбар этилган.
Энг жиддий вазият Понте-да-Барка ҳудудида кузатилмоқда. Расмийлар маълум қилишича, бу ердаги ёнғин ҳали назоратга олинмаган, ва ўнлаб фуқаролар хавфсизлик мақсадида эвакуация қилинган.
Метеорологлар эса Европа бўйлаб кейинги кунларда ҳам юқори ҳарорат сақланишини билдирмоқда. Мутасаддилар аҳолини эҳтиёткор бўлишга ва расмий кўрсатмаларга амал қилишга чақирмоқда.