Европа Иттифоқи пайшанба куни 2030 йилгача мўлжалланган "Европа мудофаа тайёргарлиги" режасини расман тақдим этади. Унинг мазмуни аллақачон матбуотга чиқиб кетган.
"2030 йилга келиб, Европа ўз рақибларини ишончли тарзда ушлаб туриш, шунингдек, ҳар қандай тажовузга жавоб бериш учун етарлича кучли мудофаа тизимига муҳтож бўлади, - дея ҳужжатдан иқтибос келтиради Politico. - Россия яқин келажакда Европа хавфсизлигига доимий таҳдид солади".
Нашрнинг ёзишича, Брюссел "2030 йилгача ҳарбий имкониятлардаги муҳим бўшлиқларни тўлдирмоқчи." Бу бўшлиқлар орасида ҳаво ва ракетага қарши мудофаа, учувчисиз учиш аппаратларини ишлаб чиқиш, янги артиллерия сотиб олиш, сунъий интеллектни жорий этиш кабилар бор.
Ушбу лойиҳаларнинг барчаси учун харажатларни европаликлар иттифоқнинг барча аъзолари ўртасида тақсимламоқчи.