Европа Иттифоқи Россия буни ўт очишни тўхтатиш шарти деб ҳисоблаётган бўлса-да, Украинага қурол етказиб беришни тўхтатишни режалаштирмаяпти.
Бу ҳақда Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас Reuters агентлигига берган интервьюсида айтиб ўтди.
"Биз ёрдам дастури устида ишлашни давом эттиряпмиз," - дея таъкидлади Каллас Европа Иттифоқининг Киевни 40 миллиард евро билан қўллаб-қувватлаш режасини шарҳлаётиб. Унинг фикрича, Украина ўзини ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлиши керак.
19 март куни Каллас Брюсселда Европа Иттифоқининг Мудофаа бўйича Оқ китобини тақдим этади. Бу Еврокомиссиянинг Европа Иттифоқи иқтисодиётини ҳарбийлаштириш, ҳарбий салоҳиятни ошириш ва Украинага қурол-яроғ етказиб беришни кучайтириш мақсадидаги режаси ҳисобланади.
Бундан олдин Кремль Владимир Путин ва Доналд Трамп 30 кунлик ўт очишни тўхтатиш, вазиятни кескинлаштирмаслик чоралари ва бир қатор халқаро масалаларни муҳокама қилганини маълум қилганди. Россия раҳбари АҚШнинг энергетика инфратузилмасига зарба беришдан ўзаро воз кечиш таклифини қабул қилди.