Европа амалдорларининг фикрича, Хитой 2025 йилда Россиянинг Украинадаги ҳарбий операциясини қўллаб-қувватлашни кенгайтирган ва эҳтимол, жорий йилда ҳам Москва билан ҳамкорликни оширишда давом этади.
Расмий шахслар «Bloomberg» билан суҳбатда ХХР раиси Си Цзиньпин Россия президенти Владимир Путинни қўллаб-қувватлашда анча ишончли ҳаракат қила бошлаганини айтишган. Уларнинг фикрича, бу ҳолат Европанинг Пекинни ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга кўндириш борасидаги уринишларини қийинлаштирмоқда.
Нашр суҳбатдошлари, шунингдек, Хитойни можаронинг давом этишига ёрдам бераётган асосий омиллардан бири деб аташмоқда.
Уларнинг таъкидлашича, дастлаб Хитой Россия ҳарбий операциясининг иқтисодий оқибатларидан хавотирланган бўлиши мумкин, бироқ кейинчалик вазиятни ўзи учун фойдали деб топган.
Амалдорлар буни Европанинг эътибори ҳозирда Осиёга эмас, балки Украинага қаратилгани билан изоҳлашмоқда. Бундан ташқари, АҚШнинг европалик иттифоқчилари билан муносабатлари янада кескинлашган.