Европа Иттифоқининг Россияга қарши 16-санкциялар пакетига рус алюминийини импорт қилиш тақиқлови киритилиши мумкин. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
"14 январда Еврокомиссия Европа Иттифоқи давлатлари билан норасмий учрашувлар ўтказиб, Россиянинг Украинага босқини бошланганининг уч йиллигига қадар қабул қилинадиган санкциялар пакети тафсилотларини муҳокама қилди", деб хабар берди агентлик манбалари.
Манбалардан бирининг сўзларига кўра, алюминий импортига тақиқ босқичма-босқич жорий этилади. Reuters'нинг қайд этишича, АҚШ ва Буюк Британия 2024 йилда Россияда ишлаб чиқарилган металларнинг импортини тақиқлаган, аммо Евроиттифоқ айрим аъзо давлатларнинг қаршилиги сабабли бундай ҳаракатни амалга оширмаган.
Bloomberg хабарига кўра, Евроиттифоқ 16-санкциялар пакети доирасида нафақат алюминийга импортига чекловлар киритишни, балки Россиядан суюлтирилган табиий газ импортини ҳам аста-секин тўхтатишни режалаштирмоқда.
Бундан ташқари, пакет доирасида ўнлаб кемаларга қарши санкциялар жорий этилиши ҳамда янги банклар SWIFT халқаро тўлов тизимидан узиб қўйилиши мумкин. Манбаларнинг айтишича, алюминий етказиб бериш чекловларининг вақт доиралари ва миқёси ҳали ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, Россия суюлтирилган гази импортини қисқартириш қандай шаклда эълон қилиниши ҳам ҳозирча номаълум.