Европа Кенгаши ўтган ҳафта Европа Иттифоқига аъзо давлатлар томонидан эришилган махсус ёрдам жамғармаси орқали Украина Қуролли кучларига ЕИнинг ёрдамини 5 миллиард еврога ошириш бўйича келишувни ратификация қилди. Бу ҳақда 18 март куни Европа Кенгаши тегишли баёнотини эълон қилди.
"Ушбу жамғарма билан биз Украинани Россиянинг агрессиясидан ҳимоя қилишда давом этамиз", — дея таъкидлади Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел.
Reuters агентлигининг хабар беришича, қўшимча беш миллиард евро маъқулланганидан кейин ЕИ томонидан Украина армиясига ажратиладиган маблағларнинг умумий миқдори 2021-2027 йиллар учун 17 миллиард еврони ташкил қилади.