Европа Иттифоқи санкциялардан қочиш учун турли байроқлар остида Россия нефтини ташийдиган кемаларни текшириш ваколатларини кенгайтиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Politico Европа Иттифоқи давлатлари ташқи ишлар вазирларининг бугунги йиғилишига тайёрланган Европа ташқи алоқалар хизмати (EEAS) ҳужжатига асосланиб хабар берди.
Ҳужжатда таъкидланишича, Россия нефтини ташиётган чет эл байроқлари остидаги кемалар атроф-муҳит, кемалар қатнови хавфсизлиги ва муҳим инфратузилма учун хавф туғдириши, шунингдек, “Европа Иттифоқи ҳудудига қарши гибрид ҳужумлар учун платформа сифатида” ишлатилиши мумкин.
Таъкидланишича, баъзи ҳолларда бундай кемалар аллақачон Европадаги фуқаролик аэропортларини кузатиш ва уларнинг ишини издан чиқариш учун ишлатиладиган Россия дронлари учун старт майдончаси вазифасини бажараётгани гумон қилинмоқда. Нашрнинг таъкидлашича, Россиянинг “соя флоти” дунёдаги барча танкерларнинг 17 фоизигача қисмини ташкил этиши мумкин.
Маълумотларга кўра, Европа Иттифоқи аллақачон “соя флоти”га бундай хизматларни кўрсатаётган “устувор давлатлар” билан алоқа ўрнатган. Бундан ташқари, блок ушбу мамлакатларни санкциялар остидаги кемаларни рўйхатдан чиқаришга ундаш учун “турли воситалардан фойдаланишни” режалаштирмоқда.
"Масалан, дунёдаги энг йирик кемаларни рўйхатга олувчи давлат ҳисобланган Панама аллақачон Европа Иттифоқи санкциялари остидаги кемаларни рўйхатдан чиқаришга рози бўлган ва яқинда 15 йилдан ошган кемаларни рўйхатга олишни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилган", дейилади EEAS ҳужжатида.