Сиёсатчининг беваси Юлия билан учрашган Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича Олий вакили Жосеп Боррелнинг баёнотига кўра, Европа Иттифоқи Алексей Навалнийнинг ўлимидан ғазабда, бунинг учун Россия президенти Владимир Путин ва мамлакат расмийлари жавобгарликни ўз зиммаларига олишади.
«Бугун биз ташқи ишлар бўйича кенгашда унинг рафиқаси Юлия Навалная, уларнинг фарзандлари, оила аъзолари, дўстлари ва у билан бирга ватан фаровонлиги йўлида ишлаган барча кишиларга чуқур ҳамдардлик билдирдик. Россия унинг тўсатдан ўлими ҳолатлари юзасидан мустақил ва шаффоф халқаро тергов ўтказилишига рухсат бериши керак. ЕИ ҳамкорларимиз билан яқиндан мувофиқлашган ҳолда Россиянинг сиёсий раҳбарияти ва ҳокимиятини жавобгарликка тортиш ва уларнинг хатти-ҳаракатлари учун қўшимча санкциялар қўллаш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширади», — дейилади баёнотда.
Боррелнинг таъкидлашича, сиёсатчининг ўлими ҳақидаги хабардан сўнг бутун дунё бўйлаб одамлар унинг хотирасини ҳурмат қилиш учун йиғилган, бироқ Россияда расмийлар бунга йўл қўймасликка ҳаракат қилган ва бир неча юз киши ҳибсга олинган. Европа Иттифоқи расмийлари уларни, шунингдек, Россия қамоқхоналаридаги барча сиёсий маҳбусларни зудлик билан озод қилишга чақирди.
«Навалнийнинг кутилмаган ва ҳайратланарли ўлими Россиядаги репрессиялар тезлашиб бораётганининг яна бир белгисидир. ЕИ Россияни бошқа барча сиёсий маҳбусларни, жумладан Юрий Дмитриев, Владимир Кара-Мурза, Иля Яшин, Алексей Горинов, Лилия Чанйшева, Ксения Фадеэва, Александра Скочиленко ва Иван Сафроновни зудлик билан ва сўзсиз озод қилишга чақиради», — дея қўшимча қилди Боррель.