Европа давлатлари Украинага "мустаҳкам хавфсизлик" кафолатини ваъда қилди.
Учрашув Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок томонидан АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп лавозимига киришганидан кейин Украинага ҳарбий ёрдамни қисқартирган тақдирда ҳамкорлар билан биргаликдаги ҳаракатларни муҳокама қилиш учун ташкил этилди.
Украинанинг Европадаги ҳамкорлари Киевни доимий қўллаб-қувватлашга ва Россия билан потенциал тинчлик келишувининг бир қисми сифатида унга хавфсизлик кафолатларини беришга тайёр эканликларига ишонтирди.
Германия, Франция, Полша, Италия, Испания, Буюк Британия ва Украина Ташқи ишлар вазирларининг Европа Иттифоқи дипломатиясининг янги раҳбари Кая Каллас билан учрашуви якунлари бўйича қабул қилинган қўшма баёнотда Киевга узоқ муддатда ҳарбий ва молиявий ёрдамнинг ишончли таъминланиши қайд этилди.
Учрашувда Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибига европалик ҳамкорларни жанг майдонидаги мураккаб вазият муносабати билан Киевга дипломатик ва ҳарбий ёрдам кўрсатишни давом эттиришга чақирди. Унинг таъкидлашича, бу Украинанинг Россия билан потенциал музокаралардаги позициясини ҳам мустаҳкамлайди. Шу билан бирга, Сибига Россияга қарши янги ва қаттиқроқ санкциялар жорий этишни талаб қилди.