Европа Комиссияси энергетик инқироз даврида нархларни пасайтириш учун Европа давлатларини газ ва электр энергиясига бўлган талабни камайтиришга чақирди.
Бу ҳақда Politico ЕИнинг энергетика ва уй-жой масалалари бўйича комиссари Дан Йоргенсеннинг Европа давлатлари вазирларига йўллаган мактубига таяниб хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, Йоргенсен мактубида газ ва электр энергиясига талабни “маълум муддат” давомида пасайтириш чораларини кўришга чақирган. Шу билан бирга, еврокомиссар ҳозирда ЕИда энергия таъминоти хавфсизлигига таҳдид йўқлигини, бироқ вазият мураккаб эканини таъкидлаган.