Европа Комиссияси (ЙК) ҳар йили юз минглаб россиялик сайёҳларни қабул қилишда давом этаётган Франция, Италия ва Испанияга қарши 11 та Европа давлатининг эътирозларидан сўнг Россия фуқаролари учун виза беришни кучайтиришга ваъда берди. Бу ҳақда Euronews ёзмоқда.
Еврокомиссиянинг миграция масалалари бўйича вакили Маркус Ламмертнинг сўзларига кўра, янги чоралар 2027 йилдан кучга кириши мумкин.
“Учинчи давлатларнинг душманона ҳаракатлари натижасида юзага келаётган хавфсизлик таҳдидларини бартараф этиш учун мақсадли визавий чекловларни таклиф қиламиз”, деди у.
Ламмерт бўлажак чекловларнинг аниқ мазмунини очиқламади. Бироқ у визалар бериш масаласи Евроиттифоқнинг алоҳида аъзо давлатлари ваколатига киришини таъкидлади. Шу сабабли россияликларга виза беришни тўлиқ тақиқлаш масаласи ҳозирча кун тартибида эмас.
Бир неча кун аввал Шенген ҳудудига кирувчи 11 давлат Еврокомиссияга қўшма мактуб йўллади. Мурожаат муаллифлари — Дания, Исландия, Латвия, Литва, Нидерландия, Норвегия, Польша, Финляндия, Чехия, Швеция ва Эстония.
Улар россияликларга виза бериш бўйича “мажбурий ва қатъий” чораларни имкон қадар тезроқ жорий этишни талаб қилганди. Мактубда қайд этилишича, Евроиттифоқ тавсиялари турли мамлакатлар томонидан турлича талқин қилинмоқда ва бу эса Россия фуқароларига зарур бўлмаган саёҳатлар учун визалар берилишида фарқларга олиб келмоқда.