Эстония бош вазири Кристен Михал Россия президенти Владимир Путинга нисбатан кескин баёнотлар беришда давом этишини билдирди. У АҚШнинг Болтиқбўйи давлатларига Россия ҳақидаги риторикани юмшатиш юзасидан тавсияларига муносабат қайтарди.
«Мен ўзимни тийиб ўтирмоқчи эмасман. Путин — аёллар ва болаларни ўлдирадиган диктатор. У тўхташга мажбур қилинмагунича шундай давом этади», — деди Михал.
Эстония ҳукумати раҳбарининг таъкидлашича, авторитар раҳбарларга ён бериш хавфсизликни таъминламайди, аксинча, эркинликни йўқотиш хавфини кучайтиради.
Михал мамлакат НАТОнинг шарқий чегараларини ҳимоя қилишда муҳим роль ўйнаётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Эстония кенг қамровли мудофаа харажатларига ялпи ички маҳсулотининг қарийб 7 фоизини йўналтирмоқда.
«Хавфсизликни таъминлаш учун бўрини ёввойи ит эмас, айнан бўри деб аташга тайёр бўлиш керак», — дея қўшимча қилди бош вазир.
Аввалроқ Reuters Пентагон Литва, Латвия ва Эстония расмийларидан Москвага нисбатан кескин баёнотларни юмшатишни сўрагани ҳақида хабар берган эди.
Бироқ Михал АҚШ томонидан шахсан ўзига бундай талаб келиб тушмаганини маълум қилди.