Жума куни Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлиси ҳамда Россия ва Марказий Осиё давлатлари дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари учрашуви бўлиб ўтади. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар тарқатди.
Йилига икки марта ўтказиладиган МДҲнинг мазкур тадбири охирги марта ўтган йил Москвада бўлиб ўтган.
Россия ТИВ навбатдаги анжуманда долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар, жумладан 2025 йил Ҳамдўстлик форматидаги интеграциявий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинишини билдирган. Томонлар чегара хавфсизлигини мустаҳкамлаш масаласини ҳам кўриб чиқиши кутиляпти.
Таъкидланишича, йиғилиш иштирокчилари Ҳамдўстликка аъзо мамлакатларда Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш, айни йўналишдаги маданий-гуманитар ҳамкорлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратадилар.