Эртага, 25 март куни “Ер соати” муносабати билан барча давлат ташкилотларида электр энергияси бир соатга ўчирилади.
Бу 25 март – “Ер соати” куни муносабати билан ўтказилаётган махсус акция ҳисобланиб, бундан мақсад – табиий ресурсларни асраш ва бу орқали сайёрамизга ғамхўрлик кўрсатишдир.
“Барчангизни ушбу акцияга бефарқ бўлмасликка ва кун давомида атиги 60 дақиқага электр энергиясидан фойдаланмасликка чақирамиз”, дейилади Экология вазирлиги баёнотида.
Маълумот учун ушбу тадбир 2007 йилда Жаҳон Ёввойи табиат фонди (WWF) томонидан ташкил қилинган бўлиб, ташкилотчилар экологик муаммолардан ташвишланиш рамзи сифатида сайёра аҳолисини 60 дақиқага чироқ ва маиший электр ускуналарини ўчириб қўйишга чақиради. “Ер соати” ҳар йили халқаро миқёсида ўтказиладиган йирик экологик акция ҳисобланади. Бунда ҳаттоки бутун дунё бўйлаб машҳур бино ва обидаларни ёритиб турувчи чироқлар ҳам ўчирилади.