17 ёшли футболчи Эрондаги намойишлар вақтида ҳалок бўлди.
Hengaw ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти хабарига кўра, курдистонлик талаба Ребин Моради 8 январь куни мамлакат ҳукумат кучлари томонидан отиб ўлдирилган. У Эрон ёшлар Премьер-лигасида "Сайпа" жамоасида ўйнар эди.
Қайд этилишича, Морадининг оиласи душанба куни унинг ўлими ҳақида тасдиқнома олган - унинг қаердалиги ҳақида 4 кун давомида ҳеч қандай маълумот бўлмаган. Футболчининг жасадини олиб кетишга ҳали яқинларига рухсат берилмаган.
Футболдан ташқари, Моради сузиш бўйича ўз ёш тоифасида чемпион бўлган, шунингдек, бошқа спорт турлари, жумладан, кураш билан фаол шуғулланган.
Эронда норозилик намойишлари 28 декабрь куни мамлакатдаги иқтисодий вазиятдан норозилик туфайли бошланди. The Human Rights Activists News Agency маълумотларига кўра, намойишчиларнинг хавфсизлик кучлари билан тўқнашувлари оқибатида 2571 киши ҳалок бўлган. 18,1 мингдан ортиқ киши ҳибсга олинган.