АҚШ-Исроил ўртасида Эронга қарши уруш бошланганидан бери Форс кўрфазида 29 та кемага ҳужум қилинган.
Ушбу маълумотлар Буюк Британия Денгиз Савдо Операциялари Маркази (UKMTO) томонидан тақдим этилган.
Ҳисобот 28 февралдан 8 июнгача бўлган даврни қамраб олади.
"UKMTO Форс кўрфази, Ҳормуз бўғози ва Уммон кўрфазида сузиб юрган кемалар билан боғлиқ 54 та ҳодиса ҳақида хабарни қайд этди", дейилади ташкилот ҳисоботида. Бу жами 29 та ҳужум, 23 та шубҳали фаолият ҳақида хабар ва иккита кемани олиб қочишни ўз ичига олади.
Бироқ, сўнгги бир ой ичида ҳодисалар сони сезиларли даражада камайди. Мувофиқлаштириш маркази аввалги шунга ўхшаш ҳисоботини эълон қилган 5 майдан бери атиги тўртта янги ҳужум ва бешта шубҳали фаолият ҳақида хабар қайд этилган.
БМТнинг Халқаро денгиз ташкилоти маълумотларига кўра, ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бери 41 та ҳодиса қайд этилган. Ушбу ҳужумларда ўн бир экипаж аъзоси ҳалок бўлган ва яна бир нечтаси оғир жароҳат олган.