Бугун 1 июль, 2025 йил, сешанба

O'ZB

Эронда мустақил интернет фойдаланувчилари учун оғир жазо белгиланди

Эронда мустақил интернет фойдаланувчилари учун оғир жазо белгиланди

Теҳрон парламенти интернетга киришдаги чекловларни четлаб ўтиш учун жазоларни кучайтириш тўғрисида қонун қабул қилди.

📌 Янги қонунда айбдор деб топилган шахсларга жарима, қамчинлаш ва 2 йилгача озодликдан маҳрум этиш каби жазо чоралари кўзда тутилган. Бу чекловлар, асосан, мустақил ахборот манбаларидан фойдаланишни мақсад қилганлар учун қўлланилади.

Эрон ҳукумати мамлакатдаги ахборот маконини қаттиқ назоратда ушлаб турибди. Давлат ОАВ ҳали ҳам аҳолининг асосий ахборот манбаи бўлиб қолмоқда. Айрим инқирозли вазиятларда ҳукумат бутунлай интернетни ўчириб қўяди. Яқиндаги Исроил билан бўлган қуролли зиддият вақтида ҳам шундай қилинган эди.

Бу каби ҳолларда, интернетга киришнинг ягона йўли сифатида америкалик SpaceX компанияси томонидан ишлаб чиқилган Starlink сунъий йўлдош интернети қаралади. Аммо унинг нархи кўпчилик эронлик оилалар учун жуда қиммат — тахминан $2000 атрофида.

Ҳозирча Эронда Starlink қай даражада кенг тарқалгани аниқ эмас, лекин у ахборот олишнинг керак бўлса ягона йўлига айланиб қолган.

🔻 Бундан ташқари, парламент шпионажда гумон қилинаётганларга нисбатан жазони янада оғирлаштирди. Энди "оператив ҳамкорлик" деб баҳоланган ҳаракатлар учун ўлим жазоси ҳам қўлланилиши мумкин. Бу тушунчага нима киради — аниқ изоҳ берилмади.

Мутахассислар фикрича, ушбу чоралар мамлакатда ҳокимиятга мухолиф бўлган фуқароларни қўрқитиш ва фаолиятларини чеклашга қаратилган.

Ҳали қонунлар тўлиқ кучга кирмаган — уларни Эроннинг Конституцияни кузатувчи Кенгаши тасдиқлаши керак. Бироқ таҳлилчилар таъкидлашича, бу кўпинча шунчаки расмий шаклда амалга ошириладиган жараён.

Киритилди: 18:35 30.06.2025. Ўқилди: 387 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!