Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяху мамлакатнинг қурол ишлаб чиқаришдаги мустақиллигини ошириш режаларини эълон қилди.
The Times of Israel нашрининг ёзишича, Нетаньяху бу ҳақда Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари учувчиларига диплом топшириш маросимида айтиб ўтган.
"Мен мудофаа ва молия вазирлари билан биргаликда Исроилнинг мустақил ўқ-дорилар ишлаб чиқаришини йўлга қўйиш учун кейинги ўн йил ичида 108 миллиард доллар ажратишни маъқулладим", деди у.
Бош вазирнинг таъкидлашича, яҳудий давлати АҚШ, Буюк Британия ва Германия Исроилга қурол сотишга чекловлар киритганидан сўнг, барча етказиб берувчиларга, жумладан, иттифоқчиларига қарамлигини камайтиришга интилмоқда. Шунингдек, у кўплаб давлатлар, жумладан, Германия ҳам Исроил қурол тизимларини харид қилишдан манфаатдор эканини таъкидлади.