Вазият 17 ноябрдан кейин кескинлашди. Ўша куни Эрондаги Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Баҳрайндаги “Шайх Исо” авиабазасида жойлашган АҚШ радарига қарши дронлар билан “аниқ операция” ўтказганини маълум қилганди. АҚШ Марказий қўмондонлигига кўра, дронлар уриб туширилган, техника ва ҳарбийларга зарар етмаган.
Орадан бир неча соат ўтиб АҚШ жавоб қайтарди. Америка қирувчилари 17 ноябр кечқурун Ҳўрмуз бўғозидаги Қешм оролида жойлашган ракета учириш майдончасига зарба берди. Эроннинг IRNA агентлиги оролда беш-олтита портлаш бўлганини хабар қилди. Ҳўрмузгон вилояти губернатори ўринбосари эса турар жой, савдо ва инфратузилма объектларига зарар етмаганини айтди.
18 ноябрга ўтар кечаси Эрон армияси Кувайтдаги АҚШ ҳарбийлари жойлашган “Али ас-Салам” авиабазасига ҳужум қилди. Эрон давлат телевидениесига кўра, ушбу базадаги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳамда дрон ва ракета учириш қурилмалари мўлжалга олинган. Кувайт армияси дронлар тутиб қолинганини билдирди, зарар ҳақида эса маълумот бермади. Reuters'нинг ёзишича, бу Эроннинг Кувайтга сентябрдан бери биринчи ҳужуми бўлди.
Бугун эрта тонгда Баҳрайн яна ҳужумга учради. Мамлакат ички ишлар вазирлиги аҳолини икки марта пана жойга яширинишга чақирди. Баҳрайн армияси кейинроқ Эрондан уюштирилган бир нечта ҳужум қайтарилганини маълум қилди.
Эрон томони янги зарбалар билан ҳам таҳдид қилди. Эрон армияси бош қўмондони Амир Ҳотамий 18 ноябр куни эълон қилинган видеода душман хатосини такрорласа, Эрон АҚШ ва унинг тарафдорларига янада кучлироқ ҳамда “географик чекловларсиз” жавоб беришга тайёрлигини айтди.
Бундан ташқари, денгизда ҳам вазият кескинлашди. БАА давлат нефт компанияси 17 ноябр куни Ҳўрмуз бўғозида танкерига ҳужум қилинганини билдирди. Экипажнинг бир аъзоси бедарак йўқолган, 11 киши яраланган. Эрон қуролли кучлари эса ўша куни учта танкер денгиз минасига урилганини айтди. АҚШ ҳарбийлари асосий йўналишлар миналардан тозаланганини таъкидлаб келяпти.