Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси разведка хизматлари Теҳронда 30 та портлашнинг олдини олди.
Бу ҳақда мамлакат разведка вазирлиги маълум қилди.
“Махсус хизматлар режанинг барча айбдорларини аниқлаб, зарарсизлантирди ва ҳибсга олди, уларнинг мақсади Теҳроннинг аҳоли зич жойлашган ҳудудларида 30 та террорчилик портлашини уюштириш эди”, — дейилади ИСНА ахборот агентлиги хабарида.
Унга кўра, разведка ходимлари уч провинсия – Албурз, Ғарбий Озарбайжон ва Теҳронда 28 нафар гумонланувчини қўлга олган. Уларнинг барчаси ИШИД террорчилик гуруҳига алоқадор.
Ҳибсга олишлар чоғида гумонланувчилардан кўп сонли портловчи мосламалар, жумладан, соатли бомба ва камикадзе жилетлар топилган. Бундан ташқари, террорчилар қўлида 17 қурол, ўқ-дорилар ва сунъий йўлдош алоқа воситалари бўлган.
Терроризмга қарши операциялардан бирида Эрон разведкасининг икки ходими яраланган.