Эроннинг Ироқдаги собиқ элчиси Ҳассан Каземий Қомийга кўра, Исроилга қарши амалга оширилган жавобий ҳужумлардан бирида 30 нафар исроиллик ҳарбий учувчи ҳалок бўлган. У буни Исроил режими учун катта зарба, деб атади.
Телевидение орқали чиқиш қилган Каземий Қомий шундай деди:
«12 кунлик уруш чоғида Эрон амалга оширган ҳужумлардан бирида 30 нафар Исроил учувчиси ҳалок бўлди. Бу Тел-Авив режими учун кичик нарса эмас. Улар бу воқеа тафсилотларини оммадан яшириб келишмоқда».
Унинг таъкидлашича, Исроил ва АҚШнинг асосий мақсади Эронда тузум алмашиш ва Вашингтонни Эронга қайтариш эди, аммо улар бу мақсадларига эриша олмади.
Каземий Қомий Эрон қуролли кучлари олиб борган «Жавоб ваъдаси III» (Operation True Promise III) амалиёти Исроилга жиддий зарба берганини, шу билан минтақа бўйлаб душманнинг катта стратегик режаларини барбод қилганини таъкидлади.
Маълумот учун, 13 июнь куни Исроил Эронга қарши кенг кўламли ҳарбий операция бошлаган эди. Уруш давомида Исроил Эроннинг ҳарбий, ядровий ва турар жой ҳудудларига ҳужум қилди. 22 июнь куни АҚШ ҳам Эрондаги учта муҳим ядровий объект — Натанз, Фордов ва Исфаҳонга зарбалар берган.
Жавоб сифатида Эрон Ислом Инқилоби Гвардияси Исроилга қарши 22 марта ракеталар билан жавоб берди. Шунингдек, Эрон Қатарда жойлашган АҚШнинг энг йирик ҳарбий базаси — ал-Удейдга ҳам ракетали ҳужум уюштирди.
24 июнь куни икки томон ўртасида оташкесим эълон қилинди ва уруш тўхтатилди.