Эрон парламенти пойтахтни кўчириш масаласини муҳокама қилиши мумкин,
Эрон пойтахтини Теҳрондан кўчириш жараёни жуда кўп меҳнат ва ресурсларни талаб қилсада, уни амалга ошириш ниҳоятда муҳим.
Бу ҳақда Эрон парламенти ички сиёсат қўмитаси аъзоси Сейид Руҳуллоҳ Мусавий ILNA агентлигига берган интервьюсида маълум қилди, деб ёзади «Репорт» ТАСС агентлигига таяниб.
«Пойтахтни кўчириш жуда кўп меҳнат ва маблағ талаб қиладиган мураккаб жараён, аммо пойтахт кўчириладиган ҳудудда тегишли тайёргарлик кўрилса, бунинг имкони бор», - дейди у.
Қўмита аъзосининг фикрича, айрим вазирликларни ихтисослашган компаниялар ва ишлаб чиқариш жамланган ҳудудга кўчириш мантиқан тўғри бўларди, сувга бўлган талаб катта бўлгани учун пўлат саноати объектларини денгизга яқин жойда жойлаштириш мумкин.
Аввалроқ, Эрон президенти Масуд Пезешкиан пойтахтни Теҳрондан Форс кўрфази қирғоқларига кўчириш зарурлигини билдирган эди. Унинг сўзларига кўра, Теҳрон ҳозирда бошқа йўл билан ҳал қилиб бўлмайдиган муаммоларга дуч келмоқда.