Эрон футбол федерацияси FIFA билан музокаралар олиб бормоқда. Улар миллий терма жамоа иштирок этадиган 2026 йилги жаҳон чемпионати ўйинларини АҚШдан Мексикага кўчиришни сўрамоқда. Бу ҳақда AFP агентлиги Мексикадаги Эрон элчихонасига таяниб хабар берди.
Эрон футбол федерацияси раҳбари Меҳди Тожнинг сўзларига кўра, хавфсизлик масаласи асосий сабаб бўлиб турибди. Унинг айтишича, агар Доналд Трамп Эрон терма жамоаси хавфсизлигини кафолатлай олмаслигини билдирган бўлса, жамоа АҚШга бормайди.
«Трамп Эрон миллий жамоаси хавфсизлигини кафолатлай олмаслигини очиқ айтганидан кейин, албатта, биз Америкага бормаймиз. Ҳозир ФИФА билан ЖЧ-2026 доирасида Эрон терма жамоаси ўйинларини Мексикада ўтказиш масаласида музокара олиб боряпмиз», — деди Тож.
Маълумот учун, 2026 йилги жаҳон чемпионати июнь–июль ойларида бўлиб ўтади. Турнир ўйинлари АҚШнинг 11 шаҳрида, Мексиканинг 3 шаҳрида ва Канаданинг 2 шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.
Эрон терма жамоаси Осиё саралаш босқичидан муваффақиятли ўтиб, G гуруҳидан жой олган. У ерда улар Бельгия, Миср ва Янги Зеландия билан бир гуруҳда ўйнайди.
Жадвалга кўра, Эрон Лос Анжелесда Янги Зеландия ва Бельгияга қарши, кейин эса Сиэтлда Мисрга қарши майдонга тушиши керак.