Бу ҳақда Reuters хабар берди.
"Ҳусийларнинг ушбу қарори Яқин Шарқдаги уруш оқибатида юзага келган глобал нефт ва иқтисодий инқирозни янада чуқурлаштириши мумкин. Агар ҳусийлар урушда янги фронт очса, уларнинг асосий нишони Яман қирғоқларидаги Боб ал-Мандеб бўғози бўлиши кутилмоқда", дея хабар бермоқда нашр.
Эрон томонидан стратегик Ҳўрмуз бўғози ёпиб қўйилган бир шароитда Боб ал-Мандеб Сувайш канали томон денгиз қатновини назорат қилувчи энг муҳим ўтиш йўлаги бўлиб турибди.
"Биз барча вариантлар учун ҳарбий жиҳатдан тўлиқ тайёрмиз. Ҳарбий амалиётни қачон бошлаш раҳбарият ихтиёрида. Ҳозирча Эрон душманни ҳар куни мағлуб этиб, муваффақиятли ҳаракат қилмоқда. Воқеалар ривожини кузатиб боряпмиз, шу орқали ҳаракатланиш учун қулай вақтни билиб оламиз", — деди исмини ошкор қилмасликни сўраган ҳусийлар етакчиси.
Таҳлилчиларнинг фикрича, ҳусийлар максимал босим ўтказиш учун Эрон билан келишилган ҳолда энг қулай вақтни кутмоқда. Эроннинг Таsnim агентлиги ҳарбий манбаларга таяниб, агар Эрон ҳудуди ёки оролларига ҳужум қилинса, Боб ал-Мандебда янги фронт очилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
"Эроннинг Ливан ва Ироқдаги иттифоқчилари АҚШ ҳамда Исроилнинг Теҳронга берган зарбаларидан сўнг аллақачон минтақавий урушга қўшилган. Форс кўрфазидаги қўшниларига зарба бериш ва Арабистон яримороли атрофидаги денгиз навигациясига жиддий зарар етказиш қувватига эга бўлган ҳусийлар эса ҳозирча кутиш позициясида турибди", дейилади Reuters хабарида.