Эрон аёллар футбол терма жамоасининг етти нафар футболчиси ўлим жазосидан қўрқиб жамоани тарк этди — CNN Sports.
"Улардан беш нафари ҳозирда Австралия полицияси ҳимоясида бўлиб, аллақачон сиёсий бошпана сўраб мурожаат қилди, қолган икки футболчининг тақдири эса ҳозирча номаълум", дея хабар бермоқда телеканал.
Эрон аёллар терма жамоасининг бир неча футболчиси март ойи бошида аёллар ўртасидаги Осиё кубогининг очилиш ўйинида Жанубий Кореяга қарши баҳсдан аввал Эрон давлат мадҳиясини куйлашдан бош тортган эди.
Шундан сўнг спортчилар Эрон давлат оммавий ахборот воситалари томонидан кескин танқидга учради. Футболчилар Австралиядаги меҳмонхонада ўз назоратчиларидан қочиб кетишга муваффақ бўлган ва ҳозирда Квинсленд штати полицияси ҳимоясида хавфсиз жойда қолмоқда.
Фаоллар ва спортчиларнинг яқинларига кўра, агар улар ватанига қайтса, ўлим жазосига дучор бўлиши мумкин.