Эрон парламентининг Миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат қўмитаси вакили Иброҳим Ризоий агар Вашингтон томонидан ҳарбий зарбалар қайта тикланса, Теҳрон уранни қурол ишлаб чиқариш учун зарур бўлган 90 фоизлик кўрсаткичгача бойитишини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ядровий дастурни қуролланиш даражасига кўтариш масаласи тез орада парламентда муҳокама қилинади.
Бундай кескин баёнотлар АҚШ президенти Доналд Трампнинг Эрон томонидан илгари сурилган сўнгги тинчлик таклифини “мутлақо қабул қилиб бўлмас” деб рад этганидан сўнг янграй бошлади. Трамп ҳозирги ўт очишни тўхтатиш келишувининг истиқболини жуда паст баҳолаб, сулҳнинг сақланиб қолиш имконияти бор-йўғи “бир фоиз” эканини таъкидлаганди.
Айни пайтда Эроннинг ядровий дастури ва бойитилган уран захиралари масаласи музокаралардаги энг асосий тўсиқ бўлиб қолмоқда. Маълумотларга кўра, Теҳрон ихтиёрида 400 килограммдан ортиқ 60 фоизгача бойитилган уран мавжуд. Вашингтон ушбу захираларни зудлик билан мамлакатдан олиб чиқилиши ва бойитиш жараёни камида 20 йилга тўхтатилишини талаб қилмоқда.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ушбу ҳам масалага қатъий муносабат билдириб, Эроннинг ядровий салоҳияти тўлиқ йўқ қилинмагунча, урушни тугаган деб ҳисоблаб бўлмаслигини айтганди.