Туркия ҳукумати Озарбайжон ва Грузия ҳукуматлари билан Туркия ҳарбий-ҳаво кучлари самолёти ҳалокатга учраган жойда қидирув-қутқарув ишларини яқиндан мувофиқлаштирмоқда.
Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Анқарадаги Урбанизация саммитида айтиб ўтган.
"Грузия ва Озарбайжон чегарасида Туркия Ҳарбий-ҳаво кучларига қарашли ҳарбий-транспорт самолётининг ҳалокатга учрагани ҳақидаги хабарни чуқур қайғу билан қабул қилдим. Қидирув-қутқарув ишлари бўйича ҳар икки давлат расмийлари билан яқин ҳамкорликдамиз", - деди у.
Туркия раҳбари аниқ рақам айтмасдан, қурбонлар сонини тасдиқлади. У ҳодиса натижасида минимал қурбонлар бўлишига умид қилган.
Эслатиб ўтамиз, Туркия Ҳарбий-ҳаво кучларининг Озарбайжондан учиб келаётган С130 ҳарбий-транспорт самолёти Грузия-Озарбайжон чегараси яқинидаги Сиғнаги муниципалитетида ҳалокатга учраган эди. Икки давлат расмийлари воқеани тасдиқлади. Грузия Ички ишлар вазирлиги парвозлар хавфсизлиги қоидаларини ёки ҳаво транспорти фаолиятини бузганлик учун жиноий иш очди.